«Барселона» раҳбарияти Мюнхеннинг «Бавария» клуби томонидан билдирилаётган қизиқишлар фонида ярим ҳимоячи Дани Ольмонинг келажаги бўйича қатъий қарор қабул қилди.
Аввалроқ каталонияликлар 28 ёшли футболчи учун 80–90 миллион евро атрофидаги таклифларни кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бироқ El Nacional нашрининг маълум қилишича, «Барселона» раҳбарияти бундай эҳтимолни бутунлай рад этган.
Манбага кўра, Ольмони Каталония клубидан сотиб олишнинг ягона йўли унинг шартномасида белгиланган товон пулини тўлаш ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, мазкур маблағ 500 миллион еврони ташкил этади.
Шу тариқа, «Барселона» футболчини белгиланган товон пулидан камроқ маблағ эвазига қўйиб юбориш ниятида эмас.
Дани Ольмо жорий мавсумда «Барселона» сафида барча мусобақалар доирасида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та голли узатмани амалга оширди.