Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Нью-Йоркдаги учрашуви Киевни молиялаштириш масалалари сабаб анча кескин руҳда ўтди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Европа Иттифоқи вакиллари Украинага кейинги маблағларни ажратишни Киевнинг зарур қонунларни қабул қилишдаги тараққиёти билан боғлаган. Гап яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ва Украина қонунчилигини ЕИ меъёрларига мослаштириш ҳақида бормоқда.
Киев эса, ўз навбатида, ёрдамни тезлаштиришни сўраган. Бунга Украина мудофаа бюджетидаги 27 миллиард долларлик маблағ етишмовчилиги сабаб бўлмоқда.
Музокаралардан сўнг фон дер Ляйен ижтимоий тармоқларда Украина қўшимча мудофаа ёрдамини олишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кейинги бюджет молиялаштириши Олий Радада ислоҳотларнинг қай даражада илгарилашига боғлиқ бўлади.
Фон дер Ляйен, шунингдек, жорий йил охиригача Европа Иттифоқи ихтиёрида Украинага ёрдам бериш учун 37 миллиард евро маблағ қолганини таъкидлади.