Яқинда испан матбуотида Ханс-Дитер Флик мавсум якунлангач, "Барселона" бош мураббийлигидан кетмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотни журналист Флориан Плеттенберг рад этмоқда.
Манбага кўра, германиялик мутахассис "кўк-анорранглилар" сафидаги фаолиятидан мамнун ва клубни тарк этишни режалаштирмаяпти.
Флик 2024 йилнинг май ойидан буён "Барселона"ни бошқариб келмоқда. Ўтган мавсумда у каталонияликларга Ла Лига ва Испания Кубогида ғалаба қозонишга ёрдам берди. Жорий мавсумда Флик жамоаси 11 турда 25 очко тўплашга муваффақ бўлди ва ҳозирда "Реал"дан кейин иккинчи ўринда бормоқда.
Бугун, 5 ноябрь куни "Барселона" Чемпионлар лигаси умумий босқич 4-тури доирасида "Брюгге" меҳмони бўлади.