Бугун 5 ноябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Финляндия Сув Форуми билан Англашув декларацияси имзоланди

Финляндия Сув Форуми билан Англашув декларацияси имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Финляндия Сув Форуми ўртасида ўзаро Англашув декларацияси имзоланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб ўртасида қўшма баёнот имзоланди. Қўшма баёнот бир қатор соҳаларни, жумладан, чиқиндиларни самарали бошқариш ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалаларини ҳам қамраб олди.

Декларацияга кўра, икки давлат қуйидаги соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:
— сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилиш, жумладан, интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш;
— барқарор ва энергия тежовчи ечимларга қаратилган сув таъминоти ва чиқинди сувларни тозалаш технологиялари;
— автоматлаштирилган онлайн экологик мониторинг тизимлари, гидрометеорологик ва агрометеорологик кузатувлар ҳамда маҳаллий сув тозалаш иншоотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ечимларни ишлаб чиқиш;
— сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланиш ва гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш;
— сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва рағбатлантириш асосидаги бошқарув тизимини жорий этиш;
— ер усти ва ер ости сувларини самарали бошқариш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва фойдаланиш;
— ер ости сув манбаларини самарали муҳофаза қилиш ва тиклаш;
— сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича тажриба алмашиш;
— инновациялар ва технологиялар, жумладан, масофадан зондлаш, маълумот тўплаш ва қайта ишлаш соҳасида тажриба алмашиш;
— қўшма илмий тадқиқотлар ва техник ҳамкорлик;
— атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларини қамраб олган узлуксиз онлайн экологик мониторинг тизимларини ривожлантириш ва бошқалар.

Бундан ташқари, декларацияда техник билимлар, маълумотлар ва илғор тажрибалар алмашиш, конференциялар, семинарлар, тренинглар ва ўқув ташрифларини биргаликда ташкил этиш, пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Финляндия ва Ўзбекистон экология ҳамда сув соҳасидаги компаниялари ўртасида бизнес ва инвестиция алоқаларини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Мазкур декларация атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, сув ресурсларини бошқариш, барқарор ривожланиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгариши, гидрометеорология соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда атроф-муҳитни мониторинг қилиш ва муҳофаза этиш соҳасида инновацион ва “ақлли” технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Киритилди: 18:45 02.11.2025. Ўқилди: 884 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!