Она учун фарзанд дунёдаги энг яқин инсони, юрагининг парчаси, кўзининг нури, қалбининг ҳузури. Бир он боласини кўрмасдан яшаш, ундан йироқда бўлиш она учун изтиробли. Бағдод туманида яшовчи М.Д ҳам қизини уч ойдан буён кўрмаган.
Айрим сабаблар туфайли Мирзаевлар оиласига дарз кетгани, аёл ва эрининг ораларидаги тушунмовчиликлар сабаб фарзанд ота тарбиясида олиб қолинган.
Боласининг дийдорига муштоқ она судга мурожаат этган ва суд томонидан адолатли қарор қабул қилиниб, бола онаси қарамоғига қайтарилиши белгилаб берилган.
Собиқ турмуш ўртоғи ҳам фарзандини олдинига беришни истамади, албатта. Бола ҳам онасидан яшириниб, уйга қулфланиб олди.
Бироқ онанинг меҳрли сўзлари ва эркалашлари бола қалбидаги илиқликни уйғотиб, дилларини шод этди.
Суд қарорининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул Бюронинг Бағдод туман бўлими ходимлари оила аъзолари, хонадон вакиллари билан тушунтириш ишлари олиб борди. Натижада эса бола онаси қарамоғига олиб берилди.