ОАВларда «Фарғонада мактаб директори ўқувчи қизни дарс вақтида калтаклади» сарлавҳаси остида хабар тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олди.
Маълум бўлишича, Бувайда тумани Мактаб ва Мактабгача таълим бўлимига қарашли Хорижий тилларга ихтисослашган мактабда жорий йилнинг 17 май куни алгебра дарсида 7-синф ўқувчиси Н.М. (қиз бола, 2010 йилда туғилган) синфдош ўртоғи Х.Х. (ўғил бола) билан оғзаки тортишиб, бир оз вақт ўтганидан сўнг синф хонасига мактаб директори Қ.Р. (аёл) кириб келган, алгебра ўқитувчиси унга ўқувчилар тортишганини айтган. Мактаб директори Р.Қ. қиздан синфдоши билан нима учун жанжаллашганини, мактабга нега диний либосда рўмол ўраб келганлигини сўраб, рўмолни ечишни айтган. Н.М. мактаб директорига гўёки гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини айтгани учун директор қизни уриб, жароҳат етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу борада қўшимча маълумот берилади.