Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмининг 26.10.2026 йил соат 18:30 ларда берган хабарига кўра, Фарғона шаҳар, “Ибн Сино” МФЙ, Янгисар кўчаси, 176-уй, 1-хонадонда доимий рўйхатда туриб, ушбу хонадонда яшаб келган 26.07.2002 йилда туғилган К.Ж. Фарғона шаҳар, “Шакарқишлоқ” МФЙ, Тарона кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг 15 қаватидан ўзини ташлаб юбориб, вафот этганлиги маълум қилинган.
Ҳолат юзасидан ҳодиса жойи тезкор-тергов гуруҳи билан кримтехника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олиниши таъминланган.
Марҳумнинг ўлимига нима сабаб бўлганлигини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертизанинг 27.10.2026 йилдаги 01-05/2042-сонли дастлабки маълумотномасида “жигар мажақлаб ёрилиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Ҳодиса жойини кўздан кечиришда жиноят излари ва шубҳали ҳолатлар аниқланмаган. Шунингдек, фуқаро К. Ж. фойдаланувида бўлган “Redmi” русумли телефон аппарати келгусида текшириб кўриш учун далилий ашё тариқасида шаҳар прокуратураси ихтиёрига олинган.
Аниқланишича, фуқаро К. Ж. “Шизофрения” руҳий касаллиги сабабли бир неча маротаба Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий маркази тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Фарғона вилоят филиалида даволаниб келганлиги ҳамда охирги маротаба 04.07.2026 йилдан 13.10.2026 йилга қадар ётиб даволанганлиги ҳақида маълумот олинган.
Марҳумга тегишли бўлган “Redmi” русумли телефон аппаратини хотирасидаги маълумотларни тиклаш юзасидан вилоят ИИБ ТҚК киберхавфсизлик бўлимига алоҳида топшириқ юборилиши таъминланди.
Бундан ташқари, “Шакарқишлоқ” МФЙ, Тарона кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда мавжуд бўлган видеокузатув камералари текшириб кўрилганда мазкур камералар бир неча ойдан буён ишламаётганлиги аниқланган.
Ҳозирда, К. Жирловнинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилиши таъминланади.