Европа Комиссияси Туркия орқали Сурияга 50 тонна тиббий буюмлар етказиб бериш учун «ҳаво кўприги» операцияси бошланганини эълон қилди.
Европа Иттифоқининг Дубайдаги заҳираларидан олинган юк Туркиянинг Адана шаҳрига юборилади ва у ердан Сурияга тарқатилади. Яна 46 тонна гуманитар ёрдам UNICEF ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тарқатиш учун Даниядан автомобиль йўли билан Аданага юборилади.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Леен келгуси ҳафта Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан бўладиган учрашувда ёрдам масаласини муҳокама қилишини айтди: «Жойдаги вазият заифлигича қолмоқда ва Сурия халқини қўллаб-қувватлашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ».