Европа Иттифоқи (ЕИ)га аъзо давлатлар Россияга тегишли 210 миллиард евро миқдоридаги активларни муддатсиз музлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
ЕИ Кенгаши баёнотида қайд этилишича, ЕИ ҳудудида музлатилган Россия Марказий банки активларини қайтариш тақиқланади. Қарор шошилинч тартибда қабул қилинган бўлиб, у ЕИ иқтисодиётига эҳтимолий зарарларни чеклашни мақсад қилган.
Баёнотда таъкидланишича, агар ушбу тақиқ жорий этилмаганида, қўшимча молиявий ресурслар Россия томонидан Украинага қарши урушни молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин эди, бу эса ЕИ ва аъзо давлатлар иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келар эди.
Қарорга мувофиқ, Россия Марказий банкининг актив ва резервлари, шунингдек унинг топшириғи билан ҳаракат қилувчи ҳар қандай юридик шахс, ташкилот ёки органларга тегишли маблағларни ўтказиш тақиқланади. Бу чоралар Россия ЕИ иқтисодиётига таҳдид солиб турган давр мобайнида амал қилади.