Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўзларининг ҳарбий-денгиз миссияси Aspides мандатини кенгайтириш ёки у орқали юк ташишни қўллаб-қувватлаш учун Ҳормуз бўғозига кемалар юборишни зарур деб ҳисобламадилар.
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, йиғилишда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Форс кўрфази минтақасида, хусусан, Эрон томонидан тўсиб қўйилган Ҳормуз бўғозида юк ташишни янада самарали ҳимоя қилиш вариантларини муҳокама қилишган.
Каллас бугун эрталаб Кенгаш йиғилишидан олдин эълон қилганидек, Aspides ҳарбий-денгиз операцияси мандатини кенгайтириш ва Ҳормуз бўғози орқали юк ташишни қўллаб-қувватлаш учун кемаларини юбориш таклиф қилинган.
“Муҳокамаларимиз давомида ушбу операцияни кучайтириш истаги аниқ эди. Бироқ, ҳозирда “ Aspides” операцияси мандатини ўзгартириш истаги йўқ. Вазирлар Ҳормуз бўғози диққат марказида бўлса-да, Қизил денгиз ҳам жуда муҳимлигича қолмоқда, деб ҳисоблашади”, деди Каллас ва Европа Иттифоқи вакилларининг аксарияти ўзлари бошламаган урушга аралашишни истамаслигини таъкидлади.