Европа Иттифоқи дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас ҳукмрон партиянинг Европага интеграциялашувдан бош тортгани сабабли мамлакатдаги норозилик намойишлари фонида Грузияга қарши санкциялар қўлланилишини истисно этмади. Шунингдек, визалар беришда ҳам чекловлар бўлиши мумкин, дея хабар беради dpa.
Каллас тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини, Грузия ҳукумати грузин халқи иродаси ва мамлакат Конституциясини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Агентликнинг қайд этишича, Европа Иттифоқига қарши санкциялар фақат барча аъзо давлатлар розилиги билан қўлланилиши мумкин, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эса яқинда Грузия ҳукуматини қўллаб-қувватлаган эди.
ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, 30 ноябрь оқшомида Тбилисининг Руставели хиёбонида бўлиб ўтган намойишда ўн минглаб одамлар иштирок этган. Полиция намойишчиларни кетма-кет бир неча кеча сув ва кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатиб юборди ва улар пиротехника воситалари билан жавоб беришди. 1 декабрга ўтар кечаси намойишчилар парламент биноларидан бирига ўт қўйишган, бироқ ёнғин тезда ўчирилган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишлар чоғида 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.