Арманистон ҳукумати Европа Иттифоқи томонидан евроинтеграция масаласида, эҳтимол, алданиши мумкин, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Халқаро ёшлар фестивалида.
«Алдашлари мумкин ва, менимча, албатта алдашади, деб ўйлайман. Мен Арманистон қандай қилиб Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкинлигини тушунмаяпман. Ахир, масалан, Туркия ва Сербия у ерда бир неча ўн йиллардан бери навбат кутиб турибди», — деди Лавров.
Россия ТИВ раҳбари Москва Арманистоннинг ҳамкорларини ва тараққиёт йўналишини танлашига тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида Арманистонга тақдим этаётган имтиёзлар ҳисобидан мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга тайёргарлигини «молиялаштириш»ни истамайди.
Август ойи охирида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топшириш жараёни бошланганини эълон қилган эди. У Арманистоннинг бир вақтнинг ўзида ЕИ ва ЕОИИга аъзо бўлиши мумкин эмаслигини тан олган, бироқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.