Бугун 11 октябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

ЕТТБ делегацияси собиқ уран конлари рекультивациясига оид ишлар натижаси билан танишди

ЕТТБ делегацияси собиқ уран конлари рекультивациясига оид ишлар натижаси билан танишди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, Экологик реабилитация жамғармаси раҳбари Эстер Харландер Тошкент вилояти Янгиобод шаҳрига ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳақимов ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркулёр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамроҳлик қилди.

Делегация ўтган йиллар мобайнида ЕТТБ кўмагида амалга оширилган собиқ уран конларини рекультивация қилиш лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар билан танишди.

Янгиобод ҳудудини рекультивация қилиш ишлари 2023 йилда бошланган ва жорий йилнинг август ойида якунланган. Ишлар бошланишидан олдин маҳаллий аҳоли ва соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашувлар ўтказилган эди.

Рекультивация лойиҳасини бошқариш гуруҳи раҳбари Вадим Королёвнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида геодезик ўлчовлар ўтказилган, кириш йўллари қурилган, эски иншоотлар демонтаж қилинган, ифлосланган чиқиндиларни зарарсизлантириш учун полигон яратилган, шахта сувларини дренаж ва инфильтрация тизимлари билан таъминлаш ишлари бажарилган, соҳилбўйи чизиқлари мустаҳкамланган ва суларни чиқариш учун қувурлар ётқизилган. Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси, техника ва радиация хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш ҳамда янгиободликларнинг таклифларини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Экология вазири Азиз Абдуҳақимов рекультивация ишлари якунлангач, ҳудудни ободонлаштириш, буталар экиш орқали кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, атрофдаги майдонларни тозалаш ва ободонлаштириш, шунингдек, экологик қоидабузарликларни аниқлаш ва жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш учун онлайн видеокамералар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу чора-тадбирлар рекультивация натижаларини сақлаб қолиш билан бирга, Янгиобод ҳудудини хавфсиз, обод қилиш баробарида маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар учун жозибадор масканга айлантиришга хизмат қилади.

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов эса ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг доимий назорати йўлга қўйилиши, радиация даражаси кам бўлган ҳудудлар табиатга қайтарилиши ҳамда ҳозирда ушбу ҳудудларда жамоатчилик ва ёшлар иштирокида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Маълумот учун, экологик реабилитация лойиҳаси ЕтТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги 9 миллион евро миқдоридаги грант келишуви асосида амалга оширилган. Маблағлар Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркэсар-2 (Наманган вилояти)даги объектларни рекультивация қилишга йўналтирилган. Аввалроқ, 2024 йил август ойида Чоркэсар-2 ҳудудидаги ишлар тўлиқ якунланган бўлиб, у ерда уран рудаси қазиб олиш оқибатларини бартараф этиш бўйича тўлиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган.

Қайд этиш лозимки, собиқ уран конларини рекультивация қилиш ишлари нурланишни бартараф этиш, хавфсиз экологик муҳит яратиш ва аҳолининг соғлигини яхшилашга қаратилган.

Киритилди: 15:18 08.10.2025. Ўқилди: 552 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!