Эрон Зангезур транспорт коридори лойиҳасига қаттиқ қарши чиқди. Бу лойиҳа Озарбайжоннинг Нахчивон Автоном Республикасини асосий ҳудуди билан боғлаши ва шу билан бирга Осиё ва Европани улайдиган муҳим транспорт йўлагига айланиши керак.
Лойиҳа шартларига кўра, бу йўлакни АҚШ 99 йилга ижарага олади ва унга «Халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли — Трамп маршрути» номи берилади.
Эрон олий раҳбари маслаҳатчиси Али Акбар Велаяти Теҳроннинг позициясини баён этди:
🔹 «Жанубий Кавказ — ҳеч кимники бўлмаган ерми, Трамп уни ижарага олса? Бу ҳудуд дунёдаги энг ҳассос географик нуқталардан бири. Бу йўлак Трампнинг мулки эмас, балки унинг ёлланмалари учун қабристонга айланади», — деди Велаяти.
Унинг таъкидлашича, Россия ҳам бу лойиҳани стратегик жиҳатдан қўлламайди, аммо Эрон Москва иштирокисиз ҳам Жанубий Кавказ хавфсизлигини ҳимоя қилишга тайёр.
Шу билан бирга, Велаяти қўшни давлатлар ўртасидаги тинчлик келишувларини ижобий баҳолади.
🔹 Россия эса Боку, Ереван ва Вашингтон ўртасидаги келишувларга муносабат билдириб, «ушбу соҳада Россия иштирокидаги уч томонлама келишувлар амал қилишда давом этмоқда, ва ҳеч қайси томон ундан чиқмаган», дея таъкидлади.