Бугун 14 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Эрон ядро қуроли яратишга яқин

Эрон ядро қуроли яратишга яқин

16-17 апрель кунлари Теҳронга ташриф буюрган Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси Эрон ядровий қурол яратишга яқин турганини айтди ва МАГАТЭ айни мавзудаги ҳар қандай музокарада иштирок этиши шартлигини таъкидлади.

– Эронда бир эмас, бир неча бомба ясаш учун етарли ашё бор, – деди мулозим “Monde” нашрига берган интервьюсида. – Бу мамлакат ҳали ядро қуролига эга эмас, лекин тан олиш керак, ўша кундан унча узоқ ҳам эмас. Сўнгги тўрт йил ичида Ислом Республикаси бу борада барқарор тезлашганини кўрдик.

Тузилма раҳбарининг ташрифи Ўмон воситачилигида Эрон ва АҚШ билвосита бир неча музокара ўтказаётган пайтга тўғри келди.

Гросси таъкидлашича, МАГАТЭ Теҳрон ядро дастури бўйича икки қудратли давлат ўртасидаги музокарадан четда қолиши мумкин эмас. Зеро, мазкур ташкилот томонидан маъқулланмаса, “ҳар қандай келишув қоғоз”дир.

– Ҳозирча Арақчий ва Уиткофф мулоқотида йўқмиз, бироқ кўтарилган масалага бефарқ эмасмиз, – дея қўшимча қилган агентлик етакчиси. – Томонлар яхши биладики, ҳар қандай эҳтимолий келишув бўйича фикримизни билдиришимиз зарур, чунки биз жараённи назорат қилишимиз, мавжуд вазиятни текширишимиз керак. Улар билан норасмий музокара олиб борганмиз. Бандлари аниқ матн пайдо бўлиши биланоқ, шартлар бўйича фикр билдирамиз.

Трамп март ойи бошида Эрон олий раҳнамоси Али Ҳуманаийга мактуб йўллаб, янги ядровий келишув таклиф қилган. Агар дипломатия муваффақиятсизликка учраса, ҳарбий усулда жавоб бериш билан таҳдид қилган. Бунга жавобан Ислом Республикаси раҳбарияти Вашингтон билан тўғридан-тўғри музокара ўтказиш имкониятини рад этиб, фақат учинчи давлатлар воситачилигидаги мулоқотга рози бўлди.

2015 йил Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон келишувга эришган. Битимда ўз ядро дастурини чеклаши эвазига Ислом Республикасига нисбатан санкцияни юмшатиш таклифи киритилган.

АҚШ 2018 йил майда, Трампнинг аввалги президентлик даврида келишувдан чиқди ва Теҳрон раҳбариятига қарши санкцияни қайта тиклади. Бунга жавобан Эрон ҳужжат бўйича мажбуриятини босқичма-босқич қисқартириш, хусусан ядровий тадқиқот олиб бориш ва уранни бойитиш даражасини чеклашдан воз кечишини эълон қилган.

Киритилди: 16:34 17.04.2025. Ўқилди: 863 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!