Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчининг айтишича, бойитилган ядровий материал Исроил ҳужумларидан кейин объектлар вайроналари остида қолмоқда.
Бу ҳақда AFP нашри хабар бермоқда.
"Бизнинг барча материалларимиз бомбаланган объектлар вайроналари остида", деди Аббос Арағчи телевидениеда. Унинг сўзларига кўра, Эрон Атом энергияси ташкилоти мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгашига ҳисобот бериш учун унинг ҳолатини баҳоламоқда.
8 сентябрь куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси агентлик Эрондан юқори даражада бойитилган уран захиралари жойлашуви ҳақида маълумот олмаганини айтди. 2 сентябрь куни Эрон ва МАГАТЭ вакиллари Эрон ядро дастури бўйича икки раунд музокаралари якунига кўра натижага эришмагани маълум бўлди.
Июнь ойида Исроил ва АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларига ҳужумидан сўнг Эрон МАГАТЭни ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблади ва агентлик билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатди. Эрон расмийлари ҳозирги шароитда МАГАТЭ билан ҳамкорлик форматини ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди. Хусусан, агентликнинг ядровий объектларни текшириш бўйича сўровларини мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгашида алоҳида кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.