CBS News телеканалининг АҚШ разведка хизматидаги манбаларига таяниб хабар беришича, Эрон олий раҳбари ташқи дунё билан деярли ҳеч қандай алоқага эга бўлмаган ҳолда номаълум жойда яширинмоқда ва у билан фақатгина махсус ходимлардан иборат мураккаб тизим орқали боғланиш мумкин.
"Трамп маъмурияти билан ҳамкорлик қилиш ваколатига эга бўлган Эрон мулозимлари давлат бошқаруви тизими ичида коммуникация ўрнатишга қийналишмоқда. Бу АҚШ ва Эрон ўртасида тузилиши мумкин бўлган битим тафсилотлари ва аввал эришилган келишув тафсилотлари жуда секинлик билан ошкор бўлаётганининг бош сабабларидан биридир", дейилади хабарда.
АҚШнинг икки нафар расмийсига кўра, Вашингтон Теҳронга таклиф қилинаётган келишув тафсилотларини юборганида, бу маълумотларни олий раҳбарга етказиш билан боғлиқ қийинчиликлар жавоб олиш жараёнининг узоқ вақтга чўзилиб кетишига сабаб бўлмоқда.