Эрон Инқилобий гвардияси қўмондони Ҳусайн Саламий шанба куни Эрон ҳарбий объектларига берилган авиазарбалар ортидан Исроилни «аччиқ оқибатлар» ҳақида огоҳлантирди, деб хабар бермоқда Tasnim агентлиги.
Саламийнинг айтишича, Исроил ҳужум билан «ўзининг даҳшатли мақсадларига эриша олмади». У Исроилнинг Ғазо сектори ва Ливандаги Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳаракатлар билан қарама-қаршиликларда «нотўғри ҳисоб-китоб ва ночорлик» белгиси деб атади.
Исроил зарбаси 1 октабр куни Эроннинг ракета ҳужумига жавоб бўлди, бу эса ўз навбатида Инқилобий гвардия қўмондони ва минтақавий фракция етакчиларининг ўлдирилишига жавоб бўлди.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий тўрт аскарнинг ўлимига сабаб бўлган Исроил ҳужумини «бўрттириб кўрсатмаслик ва минималлаштириш керак эмас», деди ва буни Исроил томонидан «нотўғри ҳисоб-китоб» деб атади.
Президент Масуд Пезешкиан Теҳрон «урушга интилмаяпти», балки «миллат ва давлат ҳуқуқларини ҳимоя қилишини» таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Эрон «сионистик режимнинг тажовузига муносиб жавоб беради».
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи «жавоб бериш ҳуқуқини» тасдиқлади ва Теҳрон Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин «сигнал олган»ини айтди. АҚШнинг Ахиос ахборот сайти хабарига кўра, Исроил зарбадан олдин «Эронга хабар юборган» ва жавоб қайтармаслик ҳақида огоҳлантирган.