Эрон расмийлари давлат идоралари томонидан хорижий хабар алмашиш иловаларидан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилди.
Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси вакили Фотима Муҳажароний маълум қилди.
"Сўнгги кунларда қабул қилган ва ахборот урушида мустаҳкам мавқега эга бўлишимизга ёрдам берадиган қарорларимиздан бири давлат идораларининг хорижий хабар алмашиш иловаларидан фойдаланишига қўйилган тақиқни бекор қилиш бўлди", деди у матбуот анжуманида.
Муҳажароний бу давлат идоралари расмий ёзишмалар учун хорижий хабар алмашиш иловаларидан фойдаланишини англатмаслигини таъкидлади.
"Чунки илгари баъзи ҳужжатлар вақти-вақти билан хорижий хабар алмашиш иловаларига тушиб қоларди", деб тушунтирди у.
Унинг сўзларига кўра, бу қадамнинг асосий мақсади "пайдо бўлаётган шубҳалар ва тарқатилган ёлғон маълумотларга тезкор жавоб бериш, шунингдек, Эронга қарши қаратилган психологик операциялар ва ахборот урушига самарали қарши туриш қобилиятини таъминлаш".