Эрон билан давом этаётган можаро ва жаҳон бозорида энергия ресурслари нархининг ошиши АҚШнинг йирик нефт компаниялари даромадларини кескин кўпайтирди.
2026 йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, Exxon Mobil компаниясининг соф фойдаси икки баравар ошиб, 14,5 миллиард долларга етди. Компания тушуми эса 42 фоизга ўсиб, 116 миллиард долларни ташкил қилди. Chevronнинг соф фойдаси қарийб тўрт баравар кўпайиб, 12,1 миллиард долларга етган, тушуми эса 56 фоизга ошган.
Даромадларнинг ўсиши Ормуз бўғози орқали нефт етказиб беришдаги узилишлар билан бир вақтга тўғри келди. Илгари жаҳондаги нефт ва газ савдосининг қарийб бешдан бир қисми ушбу бўғоз орқали амалга оширилган. Таклифнинг қисқариши ортидан Brent нефти баҳоси баҳорнинг катта қисмида баррели учун 100 доллардан юқори бўлиб, айрим кунлари 126 долларгача етди.
Бу даврда кўплаб мамлакатларда бензин, дизель ва авиация ёқилғиси нархлари ҳам ошди. Айрим давлатларда ёқилғи танқислиги кузатилди, Австралия, Непал ва Шри-Ланкада эса уни сотишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
Шу муносабат билан АҚШ Конгрессидаги демократлар йирик нефт компанияларининг ортиқча фойдасига қўшимча солиқ жорий этиш ва ушбу маблағларни истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтиришни таклиф қилди. Нефт ишлаб чиқарувчилар эса бу ташаббусга қарши чиқиб, бундай чоралар инвестициялар ҳажмини камайтириши мумкинлигини билдирди.