Хитойда инсонларнинг ташқи қиёфасидан сунъий интеллект ёрдамида яратиладиган контентларда фойдаланиш учун «юз ижараси» бозори пайдо бўлди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, одамлар ўз юзларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, битта шартнома орқали 700 долларгача даромад олиши мумкин.
Актёрлар, талабалар, нафақахўрлар ва бошқа фуқаролар махсус платформаларга ўз фотосуратлари ёки қисқа видеоларини юклаб, юзларидан рақамли қаҳрамонлар, рекламалар ва мини-сериалларда фойдаланишга рухсат бермоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу технология Хитойда жадал ривожланаётган микро-сериаллар индустрияси учун айниқса қулай. Бироқ инсоннинг юзи биометрик маълумот ҳисоблангани сабабли, уни рақамли шаклда бошқа мақсадларда қўллаш ва кейинчалик назоратни йўқотиш хавфи ҳам мавжуд.
Хитойда сунъий интеллект орқали яратилган контент ҳажми ошиб бораётгани билан бирга, инсон қиёфасидан рухсатсиз фойдаланиш билан боғлиқ суд ишлари ҳам кўпаймоқда.