— Оилавий келишмовчиликлар туфайли уч нафар вояга етмаган фарзандларим билан ота-онамнинг уйида яшаяпман. Боиси турмуш ўртоғим билан жанжаллашиб, уйдан чиқиб кетдим. Бироқ икки кундан кейин қайтиб борсам, эрим уйга киритмаяпти. Уйга киритиши учун қайси судга мурожаат қилишни билмаяпман. Ҳеч қаерда ишламайман, эрим бўлса моддий ёрдам ҳам кўрсатмаяпти. Ушбу ҳолатда қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?
Исми сир тутилган
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасур СИРОЖЕВ жавоб берди:
— Оила кодексининг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси билан шуғулланаётган ота ёки онага берилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Шунингдек, Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Демак, ҳозирги кунда болалар сизнинг қарамоғингизда эканлиги, турмуш ўртоғингиз ихтиёрий равишда болалар таъминоти учун алимент тўлашдан бош тортиб келаётганлигини ҳисобга олиб, судга алимент ундириш ҳақида мурожаат этишингиз мумкин.
Алоҳида моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эгасиз...
— Никоҳ тузилгандан кейин эр-хотинда бир-бирига моддий ёрдам бериш мажбурияти вужудга келади. Яъни, Оила кодексининг 117-моддасига асосан, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Агарда сиз бола парвариши ёки юқоридаги қонун нормасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, белгиланган тартибда судга ўзингизнинг таъминотингиз учун алоҳида моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эга эканлигингиз қонунда аниқ белгилаб қўйилган.
Таъкидлаб ўтиш керакка, даъвогар алимент ундириш ва моддий таъминот ундириш ҳақидаги даъво аризалари билан судга мурожаат этганда ҳеч қандай давлат божи ундирилмайди.
Уйга киритиб қўйиш учун нима қилиш керак?
— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй ёки квартиранинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар суд тартибида ҳал этилади.
Сиз келин бўлиб яшаб келган турар жойга киритиб қўйиш учун турар жой қайси ҳудудда жойлашган бўлса, шу ҳудуддаги тегишли туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.
Мана шу ўринда айтиб ўтиш керакки, даъвогар судга уйга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этганда, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари (ҳозирги кунда 540.000 сўм) давлат божи тўлаши лозим бўлади.