Анқара ва Вашингтон расмийлари Туркия ва АҚШ президентлари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Дональд Трамп ўртасида июнь ойида Оқ уйда учрашув ўтказиш режаси устида ишламоқда. Бу ҳақда Hürriyet нашри хабар бермоқда.
CNN журналисти Оқ уйдаги манбаларга таяниб, 10 апрель куни Америка раҳбари келаси ой Туркия, Саудия Арабистони, Қатар ва БААга ташриф буюриши мумкинлигини хабар қилди. Бироқ, CNN манбаларининг қайд этишича, ҳозирча саёҳат бўйича якуний қарор қабул қилингани йўқ. Туркия президенти маъмуриятидаги манбанинг 11 апрель куни "РИА Новости"га маълум қилишича, Трампнинг Туркияга ташриф буюриши эҳтимоли бор, бироқ аниқ саналар аниқланмаган.
"Иккинчи имконият - (Трамп ва Эрдўғон ўртасида) Оқ уйда учрашув. Улар апрель ёки май ойининг охири бўлишини айтишди. Энди эътибор июнга қаратилган. Анқара ва Вашингтон Эрдўғон ва Трамп учрашуви вариантлари устида ишламоқда", - деб ёзади нашр.