Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон ҳудудий бошқармаси томонидан назорат ўрганишлари олиб борилди. Унда давлат харидлари электрон тизимларида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилаётган харидларда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.
Назорат тадбирида “Ўзсувтаъминот” АЖ Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси буюртмачилигида ўтказилган энг яхши таклиф савдоси ўрганилди. Натижада Пахтаобод тумани, Ҳаётбахш маҳалласида ташкил этилаётган тўқимачилик индустриал зонасида ичимлик сув тизимини қуриш объектини лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бошланғич нархи 230 миллион сўм бўлган “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонунлари талабларига риоя этилмаганлиги аниқланди ва ушбу савдо бекор қилинди.
Шунингдек, Андижон вилояти Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида тиббиёт бирлашмасига моноблок ва принтер сотиб олиш бўйича бошланғич нархи 645 миллион сўм бўлган энг яхши таклиф савдоси ҳам юқоридаги қонунларда белгиланган талабларига зид равишда ўтказилганлиги учун бекор қилинди.