2023 йилнинг 18-19 ноябрь кунлари Ўзбекистонда III “Заковат-Гамбит” шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, “Заковат-Гамбит” турнири доирасида ўзбекистонлик ёшлар шахмат тахтасида машҳур жаҳон чемпионлари Владимир Крамник ва Хоу Ифанга қарши дона сурди.
“Бизнинг доимий энг катта орзу-мақсадимиз ёшлар ўртасида билим ва ақл-заковатга қизиқишни тренд даражасига чиқариш бўлиб келган”, дейди президент маслаҳатчиси.
Унинг айтишича, бундан икки йил аввал ҳар бир йигит-қиз билими ва ақл-идрокини намоён эта оладиган формат таклиф қилинганди. Ёшлар ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайдиган ўйин майдони яратилди.
“Бугун “Заковат-Гамбит” турнири доирасида юртимизнинг зукко ёшлари шахмат тахтасида машҳур жаҳон чемпионлари Владимир Крамник ва Хоу Ифанга қарши дона сурдилар.
Ишончим комилки, бу воқеа уларнинг ҳар бирида унутилмас таассурот қолдирди ва кейинги чўққиларни забт этишда замин бўлиб хизмат қилади.
Иштирокчилар эса, ўз навбатида, миллатимиз учун намуна бўлиб қолади. Ақлли, ёрқин ва истеъдодли фарзандлар намунаси”, дейди Саида Мирзиёева.