Бугун Германия Федератив Республикасининг “SBH WEST GmbH” таълим ва ҳунармандчилик фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати хабар берди.
Миграция агентлигида ўтган тадбирда “SBH WEST GmbH” фонди бошқарувчи директори Петер Ниэманн, Миграция агентлиги директори ўринбосари Матлаб Курановва “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров томонидан имзоланган уч томонлама меморандумнинг мақсади Ўзбекистонда Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқ юк ва йўловчи ташиш бўйича профессионал ҳайдовчилар тайёрланиб, уларнинг Германия меҳнат бозорида вақтинча фаолият юритишларини таъминлашдан иборатдир.
Меморандум шартларига кўра, Германияда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик фуқаролар “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув муассасаларида юк ва йўловчи ташиш ҳайдовчилиги бўйича ўқитилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган номзодларни “SBH WESTGMBH” фонди томонидан танланган вакиллар ва иш берувчи компаниялар амалий имтиҳондан ўтказади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган ҳайдовчиларга тегишли сертификатлар топширилади. Номзодлардан немис тилини мулоқот қила олиш даражасида билишлари талаб этилади.
Бундан бир неча кун аввал “SBH WEST GmbH” таълим ва ҳунармандчилик фонди бошқарувчи директори Петер Ниэманн бошчилигидаги делегация Андижон вилоятининг Бўстон туманида бўлиб, у ерда жойлашган “Ватанпарвар” ташкилоти Ўқув спорт техника клубининг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курси ўқув моддий техник негизи билан танишган ва кейинги куни ташкилот Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров билан учрашган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу меморандумнинг асосий мақсади хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини шартнома асосида хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳисобланади.