Исроил ҳарбийлари ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Синварнинг жасади Ғазодаги Европа касалхонаси остидаги туннелдан топилганини маълум қилди. Бу ҳолат Ғазо урушида янги босқич бошланганини англатиши мумкин.
Исроил Мудофаа кучлари 13 май куни Ғазонинг Хан Юнус шаҳрида амалга оширилган ҳаво ҳужумида «Ҳамас»нинг ҳарбий раҳбарларидан бири Муҳаммад Синвар нобуд бўлганини маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, унинг жасади яқинда Европа касалхонаси остида жойлашган яширин туннелдан топилган. Исроил томони шахсни ДНК таҳлили орқали аниқлаганини билдирди.
Шу туннелдан «Ҳамас»нинг Рафаҳ бригадаси қўмондони Муҳаммад Сабанеҳнинг жасади ҳам топилган. Ҳар икки жасад билан бирга қуроллар, разведкага оид ҳужжатлар ва шахсий буюмлар аниқланган. Туннелдан топилган бошқа жасадларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Исроил расмийлари журналистларга ушбу туннелни намойиш қилди. Видеоёзувларда тор ер ости йўлаклари, деворга суянтирилган автоматлар, кийимлар ва жиҳозлар кўзга ташланган. Бир лавҳада жасаднинг арқон ёрдамида ташқарга чиқарилаётгани ҳам акс этган.
Исроил армияси вакили, бригада генерали Эфи Дефрин бу ҳолат «Ҳамас»нинг фуқаролик инфратузилмасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганини яна бир бор тасдиқлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, касалхоналар ва мактаблардан ҳарбий база сифатида фойдаланиш халқаро ҳуқуқни бузишдир.
«Ҳамас» эса касалхоналарни ҳарбий мақсадда ишлатиш айбловларини рад этиб келмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2024 йил апрелда Ал-Аҳли касалхонасига қилинган ҳужумдан сўнг тиббиёт муассасалари халқаро ҳимоя остида бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.
Муҳаммад Синвар 1980-йилларда «Ҳамас» сафига қўшилган, Хан Юнусдаги бригадага раҳбарлик қилган ва ҳаракат етакчиларидан бири Муҳаммад Дейфга яқин бўлган. Исроил разведкаси 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумни у режалаштирган бўлиши мумкинлигини билдирган.
2023 йил октябрда «Ҳамас» ҳужумида 1 200 нафар исроиллик ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган. Бундан сўнг Исроил Ғазога кенг кўламли ҳарбий ҳаракат бошлаган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, уруш бошлангандан буён камида 54 880 киши ҳалок бўлган.