Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Электрон рецепт» тизими бекор қилингани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Бундай хабарлар тарқалишига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси асос қилиб келтирилган.
Вазирлик қайд этишича, мазкур буйруқ лойиҳаси ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025 йил 15 декабрдаги 25-сон буйруғида «Электрон рецепт» тизими асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати босқичма-босқич шакллантирилиши кўзда тутилган.
Яъни биринчи босқичда тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ҳамда гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий бўлиши белгиланган.
Янги буйруқ лойиҳасида эса Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)да жойлашган барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарда рецепт билан бериладиган дори воситалари электрон рецепт тизимига тўлиқ ўтказилиши назарда тутилмоқда (алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақловчи дори воситалари ҳамда реимбурсация дастури билан боғлиқ жараёнлар бундан мустасно).