44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 24 апрел куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари энергия самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб, электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган 44 та туман электр тармоқлари корхоналаридаги ҳолатни танқид қилган эди.
Шу муносабат билан, хулоса чиқармаган раҳбарларни зудлик билан ишдан олиш, уларнинг ўрнига ёш кадрларни тайинлаш ҳамда йўқотишларни камида икки баробар қисқартириш бўйича аниқ КПИ белгилаш зарурлиги таъкидланган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари, ҳудудий электр ва газ корхоналари мутасаддилари иштирок этиб, энергия самарадорлиги ва энергия ресурслари йўқотишларини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда, шунингдек, электр энергияси йўқотишларини камайтиришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Газ таъминоти масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам танқидий кўриб чиқилиб, бу борада жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун «Ҳудудгаз Хоразм» газ таъминоти филиали раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, ёз ва куз-қиш мавсумларига пухта тайёргарлик кўриш, мавжуд муаммоларни олдиндан бартараф этиш, газ қуйиш шохобчаларини «UGaz» тизимига улаш ишларини қисқа вақтда якунлаш, газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқ ва устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлар кесимида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Андижон филиалидаги 14 та, Жиззах филиалидаги 7 та, Самарқанд филиалидаги 10 та, Қашқадарё филиалидаги 4 та, шунингдек Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларидаги 2 тадан туман (шаҳар) электр корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилди.