Бугун 3 август, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Навоийда атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқарган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Навоийда атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқарган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбариятидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда Навоий шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавоси ифлосланиши сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан таъсирли чора кўриш бўйича ўрганиш ўтказилмоқда.

Ўрганиш Экология вазирининг қатъий топшириғига кўра иккита йўналишда — Навоий шаҳрида кузатилган оқ тутун манбасини аниқлаш ҳамда шаҳарда саноат ташланмалари билан боғлиқ умумий экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида олиб борилмоқда. Қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.

Биринчи ҳолатда, 19 июль куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланди. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингургурт икки оксиди (SO₂)белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃)эса 1,43 баравар юқори эканлиги маълум бўлди.

Шу куни соат 05:30да (собиқ “Электрокимё” заводи худудида) “Sogda kimyo zavod” МЧЖ, “Ferrosplav” МЧЖ ва "Zarafshon industrial technology" МЧЖ заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилди.

Ушбу корхоналарни текшириш давомида:

1) “Sogda kimyo zavod” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётганлиги, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратганлиги ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларни ҳудудидан ташқарида жойлаштирганлиги, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётганлиги, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ рельефга ташланганлиги, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётганлиги аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланди;

2) “Ferrosplav” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосаси олмасдан фаолият юритаётганлиги, хомашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётганлиги ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётганлиги аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 20 млн сўм миқдорда тўловлар белгиланди;

3) “Zarafshon industrial technology” МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармаганлиги, рухсат этилган меъёрдан водород сульфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингурут қўшоксиди 2,6 баравар, водород сульфид 40 баравар юқори эканлиги ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига роия этилмаганлиги аниқланди.

Мазкур саноат корхоналари атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантирганлиги ва белгиланган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги сабабли Экология вазирлиги томонидан уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилди. Ушбу муддат ичида корхоналар ўз фаолиятини экологик талабларга мослаган ҳолда йўлга қўймаса, судга тегишли равишда уларнинг фаолиятини тугатиш бўйича даъво аризалари киритилади.

Иккинчи ҳолатда, Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 тагуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.

Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабаларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.

Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида 22корхона — (“Қурилиш маҳсулотлари” (ғишт заводи), “Навоий глобал транс сервис” (гранит), “Иттифоқ” (ғишт заводи), “Қизилқум темир бетон” (плита), “Қизилқум шифер” (шифер),“Стройком-77” (буёқ пегменти), “Кармана кварс” (оҳак заводи), “Навоий утил мед” (тиббиёт чиқиндиларни ёқиш), “Навоий асир инвест” (кимёвий моддалар сақлаш омбори), “БАРНО”(қурилиш чиқинди полигони), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак ва тош майдалаш цехи), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак завод), “Навоий асир инвест савдо” (сирка кислотаси омборхона), “Монтаж сервис маликработ” (металга ишлов бериш),“Кармана сут” (сут қайта ишлаш), “Алибобо-2020” (темир эритиш), “Fosхim agro” (фосфорли ўғит ишлаб чиқариш), “Жаҳон бизнес барака сервис”(оҳак цехи), “Рубин-кармана” (асфальт завод),“Согда кимё завод” (кимёвий ўғит ишлаб чиқариш), “Ferrosplav” (металл эритиш)МЧЖлар, “Parda bobo ustaxonasi” (бетон блок) фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмаганлиги, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди.

Камчиликларини баратараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.

Бундан ташқари, “Навоий азот корхонаси”фаолияти ўрганилганда, корхона ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келинганлиги, қурим (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосферга ҳавоси ифлослантирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, 29 июль куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси “Навоийазот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43да шарқий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 1,5 марта, (H₂S) водород сульфиди 36 марта, соат 00:16да ғарбий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 6,6 марта (H₂S) водород сульфиди 1,4 марта, (SO2) олтингугурт тўрт оксиди моддаси 1,2 марта меъёрдан юқори чиқиши ҳолати аниқланди.

Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланди.

Жорий йилнинг 24 июль куни тунги вақтда ўтказилган тезкор назорат тадбири даврида Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётганлиги, натижада атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётганлиги аниқланган. Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланди ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

Фаолиятини экологик экспертизадан ўтказмаган, экологик қонунчилик ва талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган корхоналарга жазо чораларини кўриш ва уларнинг фаолиятини экологик ҳуқуқий меъёрларга мослаштириш бўйича Навоий шаҳри бўйлаб ўрганишлар тун-у кун давом этмоқда. Ўрганишлар натижаси бўйича Навоий шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда ҳар бир корхона кесимида амалга оширилиши лозим бўлган экологик тадбирлар дастури шакллантирилади ҳамда Навоий вилояти Халқ депутатлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.

Экология вазирлиги келгусида саноат корхоналари раҳбарлари дастур бўйича қилинган ишлар тўғрисида халқ вакиллари олдида ҳар чоракда ахборот бериш механизмини жорий қилишни таклиф этади.

Киритилди: 21:35 31.07.2025. Ўқилди: 627 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!