Бугун Пусан шаҳрида ўтказилаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида мамлакатимиз учун жуда муҳим воқеа рўй берди.
Тошкентнинг модернизм меъморчилиги объектлари ушбу ташкилотнинг нуфузли Халқаро рўйхатига расман киритилди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 25 йилда Ўзбекистон томонидан тақдим этилган миллий номинация илк бор шундай юксак мақомга сазовор бўлди.
Бу фақатгина бир нечта биноларнинг эмас, зилзиладан кейинги Тошкентнинг қайта бунёд этилиши билан боғлиқ бутун бир даврнинг эътирофидир. Ўша йиллари пойтахтимиз замонавий архитектура, Марказий Осиё анъаналари ва ўзига хос иқлим хусусиятларини мужассам этган буткул янги ва бетакрор қиёфа касб этган.
"Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги навбатдаги ғалабаси – бой меъморий меросимизни асраб-авайлаш, келажак авлодга безавол етказиш йўлидаги яна бир муҳим қадам хайрли ва бардавом бўлсин!" деб ёзади Саида Мирзиёева бу ҳақда.