ЕИ мамлакатлари 2027 йилдан Россия газини импорт қилишга тўлиқ тақиқни тасдиқлади — Reuters.
Европа Иттифоқи 2026 йил охиригача Россиядан суюлтирилган табиий газ импортини, 2027 йил 30 сентябргача эса қувур орқали етказиб бериладиган газ олишни тўхтатади.
Reuters'нинг қайд этишича, ушбу қарор Иттифоқнинг барча давлатлари учун Россия газидан воз кечишни “ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий” қилади.
Тақиққа Словакия ва Венгрия қарши чиққан. Бироқ қарорни тасдиқлаш учун овозлар етарли бўлган. Венгрия ушбу қарор устидан Европа судига шикоят қилишини билдирган.
Маълумотларга кўра, Украинага босқин бошланишидан олдин Россия газининг ЕИ даги улуши 40 фоиздан ортиқ бўлган. 2025 йилда эса импорт улуши 13 фоизгача камайган.
ЕИ Кенгаши хабарига кўра, 2027 йилдан Россия газини импорт қилиш тақиқини бузган Европа компаниялари Еврокомиссияга шартнома қийматининг 300 фоизигача жарима тўлайди.