Европа Иттифоқи Кенгаши Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича ЕИ миссияси (EUMAM Ukraine) ваколат муддатини икки йилга — 2028 йил 15 ноябрга қадар узайтирди. Миссия фаолияти учун қарийб 300 миллион евро маблағ ажратилди.
Бу ҳақда ЕИ Кенгаши хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бундай қарор миссия фаолияти стратегик жиҳатдан қайта кўриб чиқилганидан сўнг қабул қилинган.
Янгиланган ваколат доирасида EUMAM Ukraine миссияси ўз фаолиятини Украина ҳарбийлари ва халқаро ҳамкорлар билан мувофиқлаштириш учун бевосита Украина ҳудудида бўлиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу ўзгаришлар Европа ҳарбий тайёргарлик дастурини Украина армиясининг эҳтиёжларига янада мослаштиришга қаратилган. Бунда жанговор тажрибани таҳлил қилиш ва ҳарбий тайёргарлик тизимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Миссия халқаро ҳамкорлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Норвегия, шунингдек, «Хоҳловчилар коалицияси» билан яқин ҳамкорликни давом эттиради. Бундан ташқари, EUMAM НАТО билан Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатиш ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш (NSATU) йўналишида ҳамкорлик қилади.
EUMAM Ukraine миссияси Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий кўмак кўрсатишдаги асосий воситаларидан бири ҳисобланади. 2022 йил октябрь ойида миссия ташкил этилганидан буён Украина сўровига асосан, унинг доирасида 100 минг нафардан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи ҳарбий тайёргарликдан ўтган.