Европа Иттифоқи келгуси ҳафта Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига жавобан унга қарши мумкин бўлган бешта чора рўйхатини тақдим этади.
Euractiv нашри хабар беришича, таклиф қилинаётган чора-тадбирларнинг фақат баъзилари маъқулланиши эҳтимоли юқори – агар улардан бирортаси умуман қўллаб-қувватланса.
Euractiv маълумотларига кўра, тақдим этиладиган ҳужжат қуйидаги вариантларни кўриб чиқади: Ассоциация шартномасининг амал қилишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш; шахсларга, шу жумладан Исроил ҳукумати аъзоларига, аскарлар ва радикал кўчманчиларга нисбатан санкциялар жорий этиш; савдо чекловлари; қурол эмбаргоси, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Исроил ўртасидаги илмий ҳамкорликни тўхтатиб туриш.
"Ушбу чора-тадбирларнинг аксарияти аввалроқ муҳокама қилинган бўлса-да, улар биринчи марта ёзма ҳужжатда расмийлаштирилади”, — дейилади нашрда.
Таклифлар Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 15 июль куни Брюсселда бўлиб ўтадиган йиғилишида муҳокама қилиниши режалаштирилган.