Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат органи — Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) Исроилга нисбатан санкциялар жорий этиш бўйича ҳужжат тайёрлади. Ушбу ҳужжат 9-июль куни ЕИ давлатлари элчиларига тақдим этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Euractiv дипломатик манбаларга таянадиган ҳолда хабар берди.
Ҳужжатда қуйидаги чоралар муҳокама қилинмоқда:
Исроил билан тузилган Ассоциация шартномасини қисман ёки тўлиқ тўхтатиб туриш;
савдо алоқаларини чеклаш;
Исроил амалдорлари, ҳарбийлари ва ноқонуний посёлкалар қурилишида қатнашган шахсларга нисбатан шахсий санкциялар қўллаш;
қурол-яроғ экспортларига эмбарго жорий этиш;
илмий ва технологиявий ҳамкорликни вақтинча тўхтатиш.
Дипломатлар фикрича, бундай кескин чораларни бир овоздан қабул қилиш эҳтимоли паст. Айниқса, Германия позицияси муҳим аҳамиятга эга, чунки у Исроилга энг кўп қурол етказиб бераётган Европа давлати ҳисобланади. Шу сабабли, ҳозирча энг эҳтимолий сценарий сифатида айрим шахсларга нисбатан индивидуал санкциялар кўрилмоқда — бу чораларни илгари Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия ҳам жорий қилган эди.
ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас илгари Ғазо секторидаги оғир гуманитар ҳолат туфайли Исроил билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтган.
Санкциялар бўйича навбатдаги муҳокама 15-июлга режалаштирилган. Шу куни Исроил Ғазодаги вазият бўйича ҳисобот тақдим этади.
Аввалроқ Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилга қарши чора кўришга тайёр эканини билдирган. Бунга жавобан, Бош вазир Биньямин Нетаньяху бу баёнотларни “террорни рағбатлантириш” деб атаган. Унга кўра, уруш “ҳатто эртага ҳам тугатилиши мумкин”, агар ҲАМАС таслим бўлиб, гаровдагиларни озод қилса.
Маълумот учун, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларининг янги босқичи май ойи охирида бошланган ва “Гидъон араваси” деб номланган. Бу босқичда Исроил армияси ҳудудларни тозалаш, инфратузилмани йўқ қилиш ва назорат ўрнатишни мақсад қилган.