Бугун 27 сентябрь, 2020 йил, якшанба

O'ZB

ДХХ катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини мусодара қилди

ДХХ катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини мусодара қилди

ДХХ ходимларининг Фарғона вилоят ИИБ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Жумладан, Андижон шаҳрида жойлашган “Vitamin Expert” МЧЖ иш юритувчиси “М.М.” Фарғона шаҳрида 1120 дона “Лирика” ва 110 дона “Тропикамид” дори воситаларини 28 млн. 350 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида “М.М.” мазкур дори препаратларини Андижон вилояти Пахтаобод тумани Маданият қишлоғида яшовчи “Д.А.”дан олганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Андижон вилоятида давом эттирилиб, “М.М.”дан сотилган товар учун 20 млн сўм олган вақтида “Д.А.” ҳам ушланди.

Аниқланишича, “Д.А.” ушбу кучли таъсир этувчи дори воситаларини Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятида яшовчи “Шохжахон” исмли шахсдан сотиб олиб, Пахтаобод туманидаги айланма йўллар орқали мамлакатимиз ҳудудига олиб кирган.

Шунингдек, Марғилон шаҳрида ўтказилган бошқа бир тезкор тадбир давомида Риштон туманида яшовчи “М.С.” «Фарғона-Тошкент» йўналишидаги автотураргох ёнида 808 дона «Тропикамид» дори воситасини 60 млн. 600 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса “Ю.С.” ва “Х.О.”лар Қирғизистондан келтирилган 5600 дона “Лирика” дори воситасини 100 млн. сўмга сотмоқчи бўлган вақтларида ушланди.

Бундан ташқари, Қува туманида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам 2240 дона «Лирика» капсуласини 3000 АҚШ долларига сотган вақтларида маҳаллий фуқаролар “Я.Я.”, “А.М.” ва “А.С.”лар ушланди.

Таъкидлаш лозимки, бундай кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг асосий истеъмол бозори сифатида кўриладиган Тошкент шаҳрида ДХХ, ИИВ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида Наманган вилоятида яшовчи “Ю.О.”, “О.О.” ва “Ж.О.”лар қўлга олинди. Улардан Қирғизистондан ноқонуний равишда олиб келинган 15 минг донадан зиёд “Регапен” капсулалари процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 8960 дона “Лирика”, 15022 дона “Регапен” ва 918 дона “Тропикамид” дори воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 12:01 16.09.2020. Ўқилди: 1230 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!