Дунё океанларида миллиард баррел нефт тўпланиб қолди, бу нефт санкциялар туфайли етказиб берилмаяпти, деб ёзмоқда Bloomberg.
Агентликнинг маълум қилишича, ёз охиридан бери океанларда танкерлар ичида сақланаётган нефт ҳажми кескин ошиб, миллиард баррелга етган. Ушбу ўсишнинг 40 фоизигача бўлган қисмини Россия, Венесуэла ва Эрон нефти ёки келиб чиқиши ноаниқ бўлган нефт ташкил этади.
Bloomberg таҳлилига кўра, дунё океанларида танкерлар энг кўп тўпланиб қолган нефт Россияникидир. Сўнгги ҳафталарда Россия ОPEK мамлакатлари билан келишув доирасида нефт қазиб олишни кўпайтиргани сабабли денгиз орқали экспорт ҳажми ортган. Шунингдек, Россия нефти Украина ҳужумлари хавфи туфайли, нефтни қайта ишлаш заводларидан экспорт терминалларига йўналтирилган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Ғарбнинг санкциялари сабабли айрим давлатлар Россия нефтини ташиётган танкерларни ўз портларига қабул қилишдан бош тортмоқда. Октябр охирига келиб, дунё бўйлаб танкерларда тўпланган Россия нефти ҳажми қарийб 390 миллион баррелга етган.