Ирландия пойтахти Дублинда Украина президенти Владимир Зеленский кортежидаги автомобиллардан бирига тухум отилгани хабар қилинди.
Бу ҳақда Британиянинг Sky News телеканали мухбири Стивен Мёрфи X ижтимоий тармоғида маълум қилиб, воқеага оид кадрларни эълон қилди.
"Зеленский кортежидаги автомобиллардан бири манзилга бироз ифлосланган ҳолда етиб келди", — деб ёзди журналист.
Тарқатилган тасвирларда автомобилнинг орқа қисмида тухум изларига ўхшаш кўплаб доғлар пайдо бўлганини кўриш мумкин.
Ҳодиса Зеленскийнинг Ирландияга ташрифи чоғида юз берган. Автомобилга тухум отган шахслар кимлиги ва воқеа сабаблари ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.