Чеченистон раҳбарининг амакиваччаси Шаҳруди Эдилгириев Дубайда умумий қиймати 20 миллион доллардан ошиқ бўлган тўртта ҳашаматли кўчмас мулкка эгалик қилиши маълум бўлди. Бу Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) энг йирик шаҳрида кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар сизиб чиқиши натижасида аниқланди, дея хабар бермоқда «Важные истории». Журналистлар қўлига тушган маълумотларга кўра, Эдилгириев биринчи виллани 2022 йил декабрь ойида Zabeel Investment қурилиш компаниясидан харид қилган. Сунъий Палм-Жумейра оролидаги 1026 квадрат метрли ушбу кўчмас мулк унга 53 миллион дирҳам ёки 14,4 миллион АҚШ долларига тушган. Бу Усмонли услубидаги беш хонали уй - Zabeel Saray меҳмонхона мажмуаси ҳудудида жойлашган "Қироллик виллалари" қаторига киради.
Эдилгириев уйни сотиб олишидан олдин, бу вилла "ҳашамат, қулайлик ва эксклюзив ёлғизлик" излаётган меҳмонларга ижарага бериб келинган. "Украинская правда" нашрининг илгариги тадқиқотида ёзилишича, Қодиров бу вилладан тахминан 2014 йилдан бери Чеченистоннинг "норасмий элчихонаси" сифатида фойдаланиб келган.
Чеченистон раҳбарининг араб ва мусулмон мамлакатларидаги ўша пайтдаги вакили, Қодировнинг яна бир амакиваччаси Турко Довудов ҳам шу уйда истиқомат қилган. Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти ўз маърузасида таъкидлаганидек, айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли Яқин Шарқ давлатлари Украинадаги уруш сабабли Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган.
2023 йил октябрь ойида Эдилгириев Дубайда яна учта ҳашаматли виллани сотиб олди. Улар шаҳарнинг қуруқлик қисмида жойлашган бўлиб, умумий қиймати 6 миллион долларга яқин. Қодиров уни туғилган куни билан табриклаганидан икки кун ўтгач, у ушбу харидни амалга оширди. Эдилгириев - Қодировнинг уч амакиваччасининг энг кичиги ҳисобланади. Улар ҳам Чеченистон раҳбари сингари Сенторой қишлоғида туғилишган, уларнинг онаси Рамзаннинг отаси Аҳмад Қодировнинг туғишган синглиси бўлган.
Ака-укаларнинг каттаси Амрудий Эдилгириев Чеченистон ҳокимияти идораларида турли лавозимларда ишлаган, ҳозирда эса республикада масжидлар қурилишига масъул ҳисобланади. Der Spiegel нашрининг маълумотларига кўра, ўртанча укаси Пахруддий Эдилгириев Қодировнинг қўриқлаш хизматида ишлаган ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳаммад Абдураҳмоновга суиқасд тайёрлашда айбланиб, Европа Иттифоқи томонидан қидирув эълон қилинган.
Қодировнинг БАА билан алоқалари мустаҳкам. 2021-2022 йилларда унинг шахсий самолёти мамлакатга камида 14 марта учган, деб ҳисоблашмоқда журналистлар. FlightRadar24 маълумотларига кўра, 2023-2024 йилларда Қодировнинг самолёти Дубай ва унинг атрофида камида тўрт марта бўлган. Қодиров РФ президенти Владимир Путиннинг БААга расмий ташрифларида бир неча бор ҳамроҳлик қилган.