Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

«Док-1 Макс» ва «Амбронол»дан жабрланган оилаларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш ишлари тезлаштирилади

«Док-1 Макс» ва «Амбронол»дан жабрланган оилаларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш ишлари тезлаштирилади

Маълумки, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларини истеъмол қилиш оқибатида жабрланган оилаларга Мажбурий ижро бюроси томонидан 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация тўлови ундирилиши белгиланган эди.

Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни белгиланган муддатдан чўзилгани сабабли бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 20 фоизи, яъни 16,8 миллиард сўми тўланган, холос. Компенсациянинг қолган қисми эса бир неча йилдан буён тўланмай келган.

Шу боис Президент томонидан жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб бериш ишларини тезлаштириш бўйича тегишли топшириқ берилди.

Шунга асосан давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди. Шу тариқа бугунги кунга қадар 88 нафар жабрланувчига жами 80 миллиард сўм тўланди. Жумладан, вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ва даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига эса 7,8 миллиард сўм компенсация берилди.

Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгандан сўнг яна 2 нафар боланинг оила аъзоларига қолган 2 миллиард сўм ҳам тўлиқ тўлаб берилади.

Бюджетдан ажратилган 65,2 миллиард сўм айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушган ва улардан ундирилган маблағлар ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли давлат ташкилотлари ва идоралари масъуллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилалар ҳолидан хабар олиб, болаларга қўшимча зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда.

Киритилди: 14:39 28.10.2026. Ўқилди: 360 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!