Бугун 9 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Диний қўмита Умра лицензияси учун талабгорлардан аризалар қабул қилишни бошлади

Диний қўмита Умра лицензияси учун талабгорлардан аризалар қабул қилишни бошлади

Дин ишлари бўйича қўмита жорий йил 7 март куни Умра лицензиясини олиш учун тадбиркорлик субъектларидан янги аризалар қабули бошланганини маълум қилди. Соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган этиб белгиланган қўмита ушбу янгилик ҳақида фақат расмий сайтида ёзган. Аҳоли энг кўп фойдаланадиган ижтимоий тармоқларда қўмитанинг расмий саҳифаларида бу ҳақда маълумот берилмаган.

Маълум қилинишича, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун якка тартибдаги лицензия юридик шахсларга тақдим этилади. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

Қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ариза:

  • юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;
  • тадбиркорлик субъекти раҳбари ва ходимларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, манзили, паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари.
  • Лицензия талабгори томонидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг «Зиёрат» жамғармасига 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларнинг тўланганини тасдиқловчи ҳужжат;
  • «Умра» тадбирлари давомида зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузилган шартнома нусхаси;
  • «Умра» хизматлари кўрсатиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлигининг «Умра» лицензиясига эга бўлган ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартнома нусхаси;
  • Зиёратчиларни ташиш ва парвозларни амалга ошириш бўйича авиакомпания(лар) билан тузилган ҳамкорлик шартномаси нусхаси;
  • Тадбиркорлик субъектининг зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун замонавий жиҳозланган бинода фаолият юритиши тўғрисидаги маълумот;
  • Тадбиркорлик субъектининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.

Шунингдек, аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори – БҲМнинг 3 баравари (1 миллион 125 минг сўм), лицензия берилгани учун давлат божи миқдори — БҲМнинг 10 баравари (3 миллион 750 минг сўм) тўлов.

Маълум қилинишича, аризалар қўмита томонидан 2025 йил 7 мартдан 7 апрелга қадар (шу куни ҳам 18:00 га қадар) қабул қилинади.

Батафсил маълумот учун телефон: +99871 207-17-58 (ички рақам 124). Дин ишлари бўйича қўмитанинг манзили – Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 12-уйда жойлашган.

Ваколатли органнинг реквизит ва ҳисобрақамлари, шунингдек, ариза намунаси билан қўмитанинг расмий сайтида танишиш мумкин.

Киритилди: 16:29 14.03.2025. Ўқилди: 716 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!