Ўзбекистонлик таниқли санъаткор Дилфуза Исмоилова ўзи қатнашадиган "гап"да танишган аёлнинг гапларига ишониб 80 минг долларга чув тушди. Бу ҳақда "Ҳудуд" информацион дастури хабар бермоқда.
Билдирилишича, фирибгарлик билан боғлиқ мазкур иш жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўрилмоқда. Судланувчи томонидан санъаткордан ташқари яна бир неча фуқаро жабрланган.
Дилфуза Исмоилованинг адвокати Зебо Комилованинг айтишича, мазкур аёл хонанда иштирок этадиган “гап”га қўшилиб олади ва унинг ишончига киради. “Гап”да Исмоилова аёлларга ўзининг тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эканини айтади. Судланувчи эса ўзини цитрус мевалар олди-сотдиси билан шуғулланишини, четдан келаётган цитрус меваларнинг ҳар битта фурасидан 25-30 минг доллар фойда олаётганини айтиб, хонанданинг ишончига киради. Шундан сўнг Дилфуза Исмоилова ҳам мазкур “бизнес”га пул тиккан ва аёлнинг тузоғига тушиб қолган.
Маълум бўлишича, судланувчи бундан олдин ҳам Жиноят кодексининг айнан 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти билан бир неча маротаба судланган. Мазкур иш билан боғлиқ суд жараёни 3 апрель куни давом этади.