Янги чат-ботини ишга туширган Хитойнинг DeepSeek стартапи йирик маълумотлар сизиб чиқиши можаросига дуч келди.
Американинг Wiz киберхавфсизлик компанияси мутахассисларига кўра, DeepSeek'нинг сунъий интеллектга оид маълумотлар базасидан бир миллиондан ортиқ ёзувлар очиқ тармоққа чиқиб кетган. Уларга дастурий таъминотнинг рақамли калитлари ва фойдаланувчиларнинг сунъий интеллект-ассистентга берган сўровлари ҳам киради.
DeepSeek бу муаммони жуда тез – атиги бир соат ичида бартараф этишга муваффақ бўлди. Бироқ Wiz компанияси ҳаммуассиси Ами Луттвакнинг таъкидлашича, «бу маълумотларни топиш шу қадар осон эдики, биз биринчи бўлиб уларни топганлигимизга ҳам шубҳамиз бор». Ҳозирча DeepSeek бу ҳолат бўйича расмий изоҳ бермади.
Шунга қарамай, DeepSeek'нинг сунъий интеллекти технологик соҳада катта эътибор қозонди. 2025 йил 27 январь куни унинг ишга туширилиши АI билан шуғулланувчи компаниялар акцияларининг нархини ўзгаришига сабаб бўлди. Унинг асосий афзаллиги – самарадорлик. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, DeepSeek рақобатчиларига нисбатан 70% камроқ энергия сарфлайди.
Аммо DeepSeek'да муаммолар ҳам йўқ эмас. Тест синовлари шуни кўрсатдики, унинг маълумотлар базасида эскирган маълумотлар кўп. Шунингдек, Хитой ҳукумати ҳақида танқидий саволлар берилганда, чат-бот уларга жавоб беришдан бош тортади.