Ўзбекистонда давлат гранти асосида олий таълимни тамомлаган битирувчилар учун амалда бўлган камида уч йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин. Бу бўйича “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга ўзгартириш киритиш таклифи жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Амалдаги тартибга кўра, 2005 йилдан буён давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратурада таҳсил олган битирувчилар камида уч йил ишлаб бериши шарт қилиб белгиланган.
Хусусан, ҳозирги тартибга кўра, давлат гранти асосида ўқиган битирувчилар таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан тақсимланади. Янги таклифга кўра, мазкур талаб сақланиб қолади, аммо унинг давомийлиги барча учун бир хил эмас, балки таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади.
Лойиҳада белгиланишича, битирувчининг ишлаб бериш мажбурияти давомийлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан аниқланади. Бу эса ягона 3 йиллик мажбурий муддат ўрнига индивидуал ёндашув жорий этилишини англатади.
Ҳужжатда яна бир қатор техник ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, амалдаги тартибга кўра, битирувчиларни ишга тақсимлашда уларнинг доимий яшаш жойи ҳам инобатга олинади. Эндиликда мазкур атамани «яшаш жойи»га алмаштириш таклиф қилинмоқда. Бу ишга тақсимлаш жараёнидаги айрим чекловларни юмшатишга қаратилган.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун 26 мартга қадар очиқ бўлади. Қарор тасдиқланган тақдирда, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.