Бугун 16 январь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Давлат дастурини такомиллаштириш ва халқчиллигини таъминлашга қаратилган Президент Фармони лойиҳаси муҳокама қилинди

Давлат дастурини такомиллаштириш ва халқчиллигини таъминлашга қаратилган Президент Фармони лойиҳаси муҳокама қилинди

2025 йилнинг 15 январь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори офиси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳасининг халқаро ҳамжамият билан жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.

Давлат дастури лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўтказилган мазкур жамоатчилик муҳокамасида 200 нафардан ортиқ экспертлар, хусусан Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистондаги хорижий дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Шунингдек, тадбирда БМТ “оиласи”га кирувчи барча агентликларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ва экспертлари (UNICEF, UNESCO, UNDP, FAO, UNFPA, UNAIDS, UNODC, ILO, WHO, UNHCR, UNECE), Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари ҳамда дунёнинг турли чеккаларидан 30 дан ортиқ хорижий экспертлар иштирок этди.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар, айниқса мамлакатимизнинг тараққиётига бевосита дахлдор ҳисобланган стратегик ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кенг жамоатчилик, шунингдек хорижий экспертлар ва халқаро жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга муҳим аҳамият қаратилмоқда.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланаётган устувор чора-тадбирлар ҳамда вазифалар ҳақида маълумот бериш, “халқаро экспертиза”дан ўтказиш, хусусан хорижий экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ва концептуал таклиф, тавсияларини олиш орқали хужжатни янада такомиллаштириш мақсадида ўтказилди.

Муҳокамалар жараёнида Давлат дастури лойиҳасида белгиланаётган чора-тадбирлар ва вазифалар бугунги глобаллашув жараёнида янги Ўзбекистоннинг халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга қаратилган концептуал ҳужжат эканлиги таъкидланди.

2025 йил Давлат дастури лойиҳасида 295 та амалий чора-тадбирлар, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 269 та мақсадли кўрсаткичлар белгиланиши назарда тутилмоқда.

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси 2025 йил 8 январдан бошлаб “Тараққиёт стратегияси” марказининг махсус www.uzbekistan2030.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Ушбу портал орқали аҳолига стратегия ва Давлат дастурларининг ижроси, шунингдек ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириш ҳамда таклифларини билдириш имконияти яратилган.

Тадбир сўнггида, ушбу Фармон лойиҳасининг бандларида белгиланаётган вазифаларни такомиллаштиришда ҳалқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари алмашилди.

Тадбир давомида, 2025-йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини жамоатчилик, шу жумладан, халқаро ҳамжамият вакиллари билан муҳокама қилиш орқали уни такомиллаштириш, халқчиллигини таъминлаш ва ҳужжатнинг халқаро стандартларга тўлиқ мос келишини таъминлашга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Киритилди: Бугун 10:03. Ўқилди: 365 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!