Андижонда вилоят суди, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида тергов сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Таҳлилларга кўра, судлар томонидан кўрилаётган жиноят ишлари юзасидан олиб борилган суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида процессуал ва моддий қонунчилик талаблари бузилиши ҳоллари кўзга ташланмоқда.
Мулоқотда асосий эътибор амалиётда юзага келаётган муаммоли масалаларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечимини топиш, шунингдек, ходимларнинг билимларини янада мустаҳкамлаш каби жиҳатларга қаратилди.
Семинарда вилоят суди раисининг ўринбосари Фарҳоджон Ғаниев, шаҳар ва туман суди судьялари Азамат Ҳабибуллаев, Сардор Расулов, Умаржон Мирзаабдуллаевлар йилнинг ўтган даври мобайнида тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича мулоҳазаларини баён этдилар.
Муҳокама чоғида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати, қонуний манфаатларига дахл қилмаслик, тергов чоғида далиллар мақбуллиги талабларига қатъий риоя этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.