Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси (CОP28) доирасида UNESCO ўзининг биринчи юқори даражадаги йиллик сессиясини ўтказди. Тадбирда Марокаш маликаси Лалла Ҳасна, UNESCO Бош директорининг таълим бўйича ёрдамчиси Стефания Жаннини, IPCC (Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳ) вакили Диана Юрге-Ворсац, UNICEF вакили Роберт Женкинс ва бошқа таниқли вазирлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, юқори даражадаги тадбирга Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам таклиф қилинди. Бу Ўзбекистон Республикасида экологик таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлигидан далолатдир.
Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз миллий қонунчилигини атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш борасида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлади.
«Ўзбекистон яшил таълим бўйича халқаро даражадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Биз бу борада ўз позициямизга содиқмиз ва минтақавий стратегияга муносиб ҳисса қўшишда давом этамиз», — деди вазир.
Тадбирда Ўзбекистонда ёшларни иқлим бўйича ҳаракатларга жалб этиш ва барқарор мактаб инфратузилмасини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, «Eco-school» лойиҳасининг муваффақияти алоҳида қайд этилди.
“Ҳукуматимиз томонидан экологик таълимни кучайтириш асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Атроф-муҳит муаммоларини самарали ҳал қилиш ва минтақада экологик муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган «Central Asian Green University» (Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети)нинг ташкил этилиши ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлди”, — деди А. Абдуҳакимов.
Вазир, шунингдек, Ўзбекистон томонидан ўтказиладиган бўлажак глобал экологик тадбирлар, жумладан, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CМС CОP 14) томонлар конференциясининг 14-йиғилиши ва UNESCO Бош Ассамблеяси ҳақида маълум қилди.
Қолаверса, тадбир давомида А. Абдуҳакимов Стефания Жаннини билан Ўзбекистоннинг экологик таълимни янада ривожлантириш борасидаги позициясини муҳокама қилди. Вазир мамлакатимиз GEP дастури доирасидаги халқаро ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Дастур Ўзбекистоннинг таълимни ўзгартириш ва глобал миқёсда экологик хабардорликни ошириш истагини ифодалайди.
Таъкидлаш жоизки, глобал таълим тизими иқлим ўзгариши бўйича таълимни ўқув дастурига интеграциялашда катта муаммога дуч келмоқда. UNESCO бу борада 100 та давлат ўртасида сўровнома ўтказди. Натижалар шуни кўрсатдики, сўровномада қатнашган давлатларнинг ярмига яқини ўз миллий таълим тизимида иқлим ўзгариши мавзусига эътибор қаратмаган.
Бундан ташқари, аксарият ўқитувчилар иқлим ўзгариши ҳақида таълим бериш муҳимлигини тан олишсада, уларнинг 30 фоиздан камроғи мавзуни ўзларининг маҳаллий контекстида муҳокама қилишга тайёр. Бу бўшлиқ ёшларнинг аксарияти иқлим ўзгаришини тўлиқ тушуна олмаслиги ёки тушунтира олмаслигига олиб келмоқда.
Иқлим ўзгаришига қарши курашда таълимнинг муҳим ролини эътироф этган ҳолда, халқаро саъй-ҳаракатлар фаоллашмоқда. Глазгода бўлиб ўтган CОP26'да иқлим ўзгариши ва таълим бўйича биринчи вазирлар сессияси муҳим қадам бўлди, унда 27 та давлат иқлимга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кучайтириш мажбуриятини олди. Бу CОP27 тадбирида эса 2025 йилга келиб иқлим ўзгариши бўйича таълимни асосий ўқув дастурларига киритиш масаласига эътибор қаратилди.
Маълумот учун, БМТнинг Таълимни ўзгартириш саммитидаги Ёшлар декларациясига жавобан бошланган «Яшил таълим бўйича ҳамкорлик» (GEP) лойиҳаси ҳар бир талабани иқлим муаммоларига тайёрлашга қаратилган ҳамкорлик платформасидир. У тўртта асосий йўналишга қаратилган: мактабларни кўкаламзорлаштириш, ўқув дастурлари, ўқитувчилар малакасини ошириш ва жамоатчилик таълими. Айни дамда 82 дан ортиқ аъзо давлатлар ва 1100 дан ортиқ ҳамкорларга эга бўлган GEP глобал ва миллий даражада таълимни ўзгартириш учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида эътироф этилмоқда