2025 йил 25 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг депутатлари ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутасаддилари ва санитар тозалаш корхоналари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ижросига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Жараёнда мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги 4 та қонунда аҳолининг чиқинди хизматларидан дебитор қарздорликларини камайтириш, хизмат сифатини яхшилаш ва қамров даражасини ошириш мақсадида киритилган қўшимчалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, кун тартибида янги тизимнинг бориши, натижа, қулайликлари ва аҳоли томонидан юзага келаётган мурожаат ва эътирозларнинг ечими каби масалаларга аҳамият қаратилди.
Жумладан:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сонли Фармонига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, унга кўра аҳоли эътирозларини олдини олиш мақсадида чиқинди хизматлари учун абонентларга ойлик тўловларни ҳисоблаш махсус техникаларга ўрнатилган GPS ускуналари жорий қилинган ҳудудларга, фақатгина кўрсатилган хизматлар учун босқичма-босқич жорий этилиши қайд этилди.
Бундан ташқари, абонентларнинг маълумотларини тўлиқ ва аниқ шакллантириш мақсадида “Тоза макон” ягона электрон биллинг тизими ишлаб чиқилиб, барча абонентларнинг ПНФЛ ва кадастр рақамлари бир-бирига мослаштирилиши орқали идентификация қилинган.
Ҳозирги вақтда тизим Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Божхона ва чегара органлари, Кадастр агентлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълумотлар базаси, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ҳамда “Электрон ҳукумат” дастурлари билан ўзаро интеграция қилинган.
Маълумот ўрнида: Бугунги кунда 75 фоиз абонентлар ички идентификациядан ўтказилган бўлиб, 88 фоиз абонентларнинг жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами шакллантирилган ва 97 фоиз абонентларнинг мулк тўғрисидаги кадастр рақами тизимда шакллантирилган.
Бундан ташқари, “Тоза макон” мобил иловаси ҳам яратилиб, унга кириш “ONE ID” тизими ва шахсий ҳисоб рақами орқали амалга оширилади, бу эса аҳоли учун қулайлик яратади. Иловада чиқинди хизмати учун тўлов одам сонига қараб ҳисобланиб, бугунги кунда республикада 7,3 млн абонент шакллантирилган. Иловада қарздорлик тўғрисидаги маълумотларда тафовут юзага келса, соҳадаги меъёрий ҳужжатларни қайта ҳисоб-китоб қилиш тартиби мавжудлиги сабабли шффоф ҳисобланади.
Қолаверса, соҳадаги мурожаат ва таклифларни 24/7 режимида Агентликнинг “1205” ишонч рақами орқали йўллаш, “my gov” тизими ва мобил илова орқали онлайн ариза қолдириш имконияти яратилган.
Давра суҳбатида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда 5-сонли Фармон ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилгани маълум қилинди.
Хусусан:
ҳамкорлик меморандуми имзоланди, технологик йўриқномалар ишлаб чиқилиб, техник ишлар бажарилди;
2024 йил октябрь ойида абонентларга “SMS” хабарнома юбориш тизими муваффақиятли синовдан ўтказилди;
қарздор абонентларни электр тўловлари учун чекловга қўйиш ва қарздорлик сўндирилгандан сўнг автомат тарзда чекловдан чиқариш тизимлари муваффақиятли тест синовларидан ўтказилди;
— Мазкур Қонун билан 2024 йил 30 июнга қадар шаклланган қарздорликларга мазкур тизим татбиқ этилмаслиги белгиланган. Шуни ҳисобга олиб, абонентларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали “SMS” хабарномада жами қарздорлик ва 2025 йил июль ойидан август ойига қадар шаклланган қарздорлик каби икки турдаги қарздорлик кўрсатилади.
Абонентлар томонидан август ойигача шаклланган қарздорлик бартараф этилганда онлайн тарзда чекловдан чиқарилади. Қолган қарздорликларнинг ундируви қонунчиликда белгиланган тартибда суд органлари орқали амалга оширилади. Бунда суд органларига даъво аризаси хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхонаси томонидан киритилади.
— Санитар тозалаш хизмати бошқа коммунал соҳалардан фарқли ўлароқ, бунда кўрсатилмаган хизматлар учун қайта ҳисоб-китоб тартиби мавжуд.
Маълумот учун: ушбу тартибга кўра, 2025 йил январ-июль ойларида 1,3 млн абонентнинг жами 75,0 млрд сўм миқдоридаги қарздорлиги аҳоли фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қолаверса, ҳозирги кунда маиший чиқиндиларни аҳолидан йиғиб, полигонга етказиш хизматида бир ойда бир киши учун тариф миқдори 4500 сўмдан 8500 сўм атрофида тўғри келади. Ҳолбуки, Тошкент шаҳрида ўртача 1 тонна чиқиндисини истеъмолчилардан олиб чиқиб, полигонга етказиш учун ўртача 1 млн сўм маблағ сарф этилади.
Учрашув якунида парламент ҳамда соҳа вакиллари ўртасида доимий маслаҳатлашув ва фикр алмашиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.