Чехия Украинага дронларни тутиб қолишга мўлжалланган 16 та L-39 Skyfox самолётини топшириши мумкин.
Бу ҳақда Чехия бош вазирининг биринчи ўринбосари Карел Гавличек Киевга ташрифи чоғида маълум қилган.
«Уларнинг (Украинага топширилиши режалаштирилаётган самолётларнинг — таҳр.) тўрттаси аввалроқ тасдиқланган эди. Энди эса яна 12 та самолёт ҳақида гапиришимиз мумкин. Бу ҳозирча бундай имконият мавжудлигининг дастлабки тасдиғидир», — деди Гавличек.
Эслатиб ўтамиз, Украина ва Чехия аввалроқ дронларга қарши курашишда фойдаланиш режалаштирилган L-159 енгил зарба берувчи самолётларини топшириш имкониятини муҳокама қилган эди. Хусусан, Чехия президенти Петр Павел Киевга ташрифи чоғида бундай самолётларни бериш имконияти ҳақида гапирганди.
Бироқ ANO, SPD ва «Автомобилистлар» партияларидан ташкил топган ҳукумат коалицияси бу ташаббусни рад этди. Бунга сабаб сифатида ушбу самолётлар Чехия армиясининг ўзига зарурлиги кўрсатилди. Яна бир муаммо шунда эдики, L-159 самолётларини ишлаб чиқариш тўхтатилган эди.
Ушбу самолётларни ишлаб чиқарувчи Чехиянинг Aero Vodochody компанияси Украинага энг янги L-39 Skyfox ўқув-жанговар самолётларини таклиф қилди. Бу модел Williams FJ44 замонавий двигатели ва янги радиоэлектрон ускуналар билан жиҳозланиши мумкин. Шу боис, экспертлар баҳосига кўра, у учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш учун янада мос келади.