Чехия ҳукумати Украинадан келган қочқинларнинг мамлакатда қолиш шартларини кескин кучайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
ČTK агентлиги хабар беришича, ҳужжат парламент қуйи палатасига тасдиқлаш учун юборилган.
Қонун лойиҳасига кўра, давлатдан гуманитар ёрдам олаётган вақтинчалик ҳимоя мақомига эга шахслар ишлаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ёки бандлик хизматида рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
Шунингдек, нафақа олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун улар ойига камида 16 кун Чехия ҳудудида яшаши керак бўлади. Бу талаблар болалар, талабалар ва нафақахўрларга татбиқ этилмайди.
Янги қоидаларга кўра, Шенген ҳудудидан ташқарида 30 кундан ортиқ бўлган қочқинлар вақтинчалик ҳимоя мақомидан маҳрум қилиниши мумкин. Маъмурий ёки жиноий сабабларга кўра депортация қилинганлар ҳам ушбу мақомни йўқотади.
Ҳужжатда махсус яшаш рухсатномасини олиш талаблари ҳам кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, давлат томонидан қопланадиган тиббий суғурта шартлари қайта кўриб чиқилади.
Қонун лойиҳаси Украина давлат рақамига эга автомобилларни Чехия реестрида мажбурий рўйхатдан ўтказишни ҳам назарда тутади.
Ҳозир Чехияда вақтинчалик ҳимоя мақомига эга 386 мингдан ортиқ украиналик рўйхатдан ўтган. Уларнинг қарийб 90 минги гуманитар ёрдам олади.